Ру En O'z
17 Июль 2023 1354

Очилиш маросимларидаги инқилоб: Париж тарихий Олимпия ўйинларига тайёрланмоқда

Келаси йилнинг энг муҳим воқелиги – Париж-2024 Олимпия ўйинларининг бошланишига деярли 1 йил вақт қолди. Айни кунларда Франция пойтахтида бўлажак Олимпия ўйинларининг тайёргарлигига бағишланган семинар бўлиб ўтмоқда. Мусобақа ташкилий қўмитаси томонидан ўтказилаётган ушбу тадбирда бутун дунёдаги Миллий Олимпия қўмиталаридан ташриф буюрган делегатлар иштирок этяпти. Унда Ўзбекистон МОҚ номидан Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Халқаро алоқалар департаменти мутахассислари қатнашишмоқда.

Семинар аввалида Ўйинлар ҳақидаги умумий маълумотлар жамланган тақдимот ўтказилди. Унда бир қатор қизиқарли жиҳатларни учратиш мумкин. Кўпчиликнинг эътиборини тортган ҳолат мусобақа очилиш маросими бўлди. Маълумки, XXXIII ёзги Олимпия ўйинларининг очилиш маросими Ўйинлар тарихида илк бор стадионда эмас, дарё бўйлаб ўтказилади. Сена дарёси қабул қиладиган ушбу тарихий воқелик 2024 йилнинг 26 июль кунига белгиланган.

Бу орқали маросимни жонли томоша қилишни истаган мухлислар сонини кўпайтириш мумкин. Режага кўра, очилиш маросимини камида 500 000 дан ортиқ томошабин дарё бўйида кузатиш имкониятига эга бўлади. Тадбир давомида маросимнинг биринчи репетицияси ҳам ўтказилди. Унда синов тариқасида 39 та кема соатига 9 км тезликда белгиланган йўналиш бўйлаб ҳаракатланди.

Анжуман доирасида Олимпия ўйинларида қатнашадиган делегациялар учун қўйиладиган талаблар бўйича ҳам атрофлича маълумот берилди. Унга кўра, ташриф буюрадиган меҳмонлар учун илк бор виза тизими жорий этилади. Қайд этиш жоиз, бунгача барча Олимпия ўйинларида иштирокчиларнинг аккредитацияси бир вақтнинг ўзида виза вазифасини ҳам бажарган. Тадбир давомида О.Касимов томонидан ташкилий қўмитага мамлакатимиз рамзлари бўлмиш Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи ва мадҳияси тақдимот қилинди.

Семинар эртага ўз ишини якунлайди. Унинг доирасида делегатлар Олимпия шаҳарчаси ва мусобақалар ўтказиладиган объектларга ҳам ташриф буюриши кўзда тутилган.

Text to speech