Ру En O'z
17 Июль 2023 1074

Замонавий бешкурашчиларимиз жаҳон чемпионатидаги иштирокларини якунлашди

Мисрнинг Искандария шаҳрида замонавий бешкураш бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати якунига етди. Маълум қилганимиздек, ушбу мусобақада Ўзбекистон терма жамоасининг 3 нафар вакили юртимиз шарафини ҳимоя қилди.

Энг юқори натижани Самира Абзалова қайд этди. Саралашда тўртинчи натижа билан финалга йўл олган юртдошимизга финалда омад етишмади. Барча босқичлар якунида Абзалова 1166 очко билан 28-натижани қайд этди. Йигитлар ўртасида финал босқичида қатнашган Аслиддин Бахтиёров қиличбозлик дастуридан сўнг беллашувни якунлай олмади. Кира Цойнинг саралашда тўплаган баллари финал босқичи учун етарли бўлмаган эди.

Қайд этиш жоиз, Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган ушбу спорт тури мамлакатимизда анча ёш ҳисобланади. Шундай бўлса ҳам, мазкур спорт юртимизда тез суратларда ривожланмоқда. Атлетларимиз Токио-2020 Олимпия ўйинларида дебют қилишди. Ҳозирда Париж-2024 Олимпиадасига йўлланма берувчи Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларига қизғин ҳозирлик олиб боришмоқда.

Text to speech