Ру En O'z
14 Июль 2023 1149

Спортчиларимизнинг ADAMS тизимида ишлаш кўникмаларини оширишга эътибор кучаймоқда

Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) томонидан йирик мусобақаларда иштирок этадиган спортчиларнинг кунлик тақвимини ўрганиб бориш бўйича ADAMS тизими яратилган. Ҳозирда бутун дунёда атлетларнинг ушбу йўналишда ишлаш бўйича кўникмаларини ошириш юзасидан турли дастурлар кўриб чиқилмоқда. МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов соҳа мутасаддилари билан мазкур мавзу юзасидан учрашув ўтказди.

Унда МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори Камол Сирожитдинов ва унинг маслаҳатчиси Искандар Мавлянов, Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги мутасаддилари ҳам иштирок этишди. Шерзод Рихсибоевич ADAMS тизимига киритилмаган ёки унда тўғри ишлай олмаётган спортчиларимизга ёрдам бериш, юзага келиши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш муҳимлигини билдирди. Шу боис ушбу масалага жиддий эътибор қаратиш лозимлигини қўшимча қилиб, уларга тизим билан ишлаш бўйича семинарлар ташкил этиш хусусида тавсия берди.

ADAMS тизимига кўра, спортчи допинг таҳлилларини топшириш учун 3 бора ўзи белгилаган жойда бўлмаса, узоқ муддатга дисквалификация қилинади. Шуни инобатга олган ҳолда, барча атлетларимизни ушбу дастур билан ишлашга ўргатиш, уларга тақдим этилаётган фармакологик воситаларнинг таркибини назорат қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Text to speech