Ру En O'z
14 Июль 2023 1008

60 ёшни қарши олган Гулнора Ориповага МОҚнинг эсдалик медали топширилди

Камондан отиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Гулнора Орипова юбилей 60 ёшни қарши олди. Шу муносабат билан бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида тажрибали мутахассисни табриклашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, терма жамоа мураббийлари иштирок этишди. Тадбирда сўз олган расмийлар Гулнора Толибовнанинг юртимизда камондан отиш спортини ривожлантиришга қўшган кўп йиллик меҳнатини алоҳида эътироф этиб, унинг келгусидаги фаолиятида улкан муваффақият тилашди. Анъанага мувофиқ, Ойбек Касимов юбилей ёшни қарши олган спортимиз фидойисига МОҚнинг эсдалик медалини тақдим қилди.

Маълумот учун, Орипова Гулнора Толибовна 1963 йил 14 июль куни Тошкент вилоятида дунёга келган. Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтини тамомлагач, бир муддат ушбу институтнинг ўзида илмий ходим, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитасида фаолият олиб борди. Шундан сўнг узоқ муддат Республика Олимпия захиралари коллежида мураббий бўлиб ишлади. 2012 йилдан камондан отиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи сифатида фаолият юритмоқда.

Тадбир якунида Г.Орипова кўрсатилган бундай эътибор ва ғамхўрликдан мамнун эканлигини билдирди. Шунингдек, камончиларимиз ҳам Олимпия ўйинларига йўлланма олиб, унда муносиб иштирок этишларини таъминлаш йўлида бор куч-ғайратини ишга солишини қўшимча қилди.

Text to speech