Ру En O'z
13 Июль 2023 1827

Ойбек Норинбоев Ўзбекистон ўқ отиш федерацияси раиси лавозимига қайта сайланди

Бугун Миллий Олимпия қўмитасида Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерациясининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, мамлакат ўқ отиш федерацияси раиси Ойбек Норинбоев, Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби раҳбарияти, федерациянинг ҳудудий вакиллари, спортчи ва мураббийлар иштирок этишди.

Тадбирни Ойбек Касимов очиб берар экан, федерация сўнгги йиллар ичида сезиларли ўсишга эришгани, бу спортчиларимизнинг Осиё ва жаҳон чемпионатларида қўлга киритаётган муваффақиятларида яққол акс этаётгани ҳақида тўхталди. Ўз ўрнида, О.Касимов федерациянинг келгуси фаолиятига ҳам омад тилаб, Ўзбекистон МОҚ ҳамиша спортчи ва мураббийларимизни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.

Кун тартибига мувофиқ, биринчи федерациянинг 2022 йилги ҳисоботи тингланди. Шундан сўнг асосий масалаларга ўтилди. Унда федерациянинг амалдаги раиси Ойбек Қобилжонович Норинбоев номзоди ташкилот раҳбарлигига илгари сурилди. Делегатлар номзодни бир овоздан қўллаб-қувватлашди ва Ойбек Норинбоев Ўзбекистон ўқ отиш федерацияси раиси лавозимига қайта сайланди. Сўз олган Ойбек Қобилжонович келгусида федерация фаолиятини янада ривожлантириш, Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларида спортчиларимизнинг муносиб иштирокларини таъминлаш учун бор куч-ғайратини сафарбар қилишини таъкидлади.

Шундан сўнг федерация раиси ўринбосарлари ва Бош котиби лавозимлари ҳам тасдиқлаб олинди. Унга кўра, Дониёр Қодиров, Ҳамдам Қаршиев ҳамда Рамиз Еналиев раис ўринбосари, Мардонбек Давронов федерация Бош котиби лавозимига сайланишди. Шунингдек, конференция давомида ташкилот Ижроия қўмитаси таркиби ҳам шакллантириб олинди.

Тадбирнинг якуний қисмида сўнгги йилларда халқаро майдонда юқори натижалар қайд этган Муҳаммад Камалов 20 милион, Владимир Свечников ҳамда Наманган вилояти мураббий Вадим Кандаков 10 миллион сўм миқдоридаги бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланишди. Шунинг билан, Ўзбекистон ўқ отиш федерациясининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференцияси ўз ишини якунлади.

Text to speech