Сузувчиларимиз жаҳон чемпионати олдидан машғулот ўтказишди
Маълум қилганимиздек, жорий йилнинг 14-30 июль кунлари Япониянинг Фукуока шаҳрида сув спорти турлари бўйича ХХ жаҳон чемпионати ўтказилади. Мазкур мусобақада Ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчиларимиз кунчиқар юртга етиб келишган ва бугун мусобақа олдидан тайёргарлик машғулотларини ўтказишди.
Дастлаб очиқ денгизда сузиш мусобақасида иштирок этадиган спортчиларимиз машғулотларга киришдилар. Мураббий Саида Искандарова бошчилигида жаҳон чемпионатида қатнашадиган спортчиларимиз мусобақа ўтказиладиган денгизда қарийб икки соат давомида тайёргарлик машқларини олиб боришди.
Эслатиб ўтамиз, очиқ денгизда сузиш баҳсларида жами 4 нафар спортчимиз юртимиз шаънини ҳимоя қилишади. Аёллар ўртасида Паризода Искандарова ҳамда Анастасия Зелинская стартга чиқишса, эркаклар тоифасидаги баҳсларда Вячеслав Шкретов ва Никита Корнилов медаллар учун кураш олиб боришади.