Рустам Ассакалов ва Диёра Келдиёровани табриклаймиз!
Бугун таниқли курашчимиз Рустам Ассакалов ва дзюдочимиз Диёра Келдиёрова таваллуд айёмларини нишонлашмоқда.
Рустам Ассакалов 1984 йил 13 июль куни дунёга келган. Халқаро тоифадаги спорт устаси. Ассакалов 2015 йил АҚШнинг Лас-Вегас, 2019 йилда Қозоғистоннинг Астана шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатларининг мос равишда кумуш ва бронза медаллари соҳиби ҳисобланади. Таъкидлаш жоиз, ушбу дунё биринчиликларидаги муваффақият унга Рио-2016 ва Токио-2020 Олимпия ўйинлари йўлланмасини тақдим қилди. Курашчимиз 2014 йилги Инчеондаги Осиё ўйинларида чемпионлик шоҳсупасига кўтарилган бўлса, 2018 йил Жакартада кумуш медаль билан тақдирланган. Шунингдек, унинг ҳисобида Осиё чемпионатининг 2 тадан олтин, кумуш ва бронза медаллари мавжуд.
Диёра Келдиёрова 1998 йил 13 июль куни Самарқанд вилоятида туғилган. 2015 йил кадетлар ўртасидаги ўтказилган жаҳон чемпионати ғолиби ҳисобланади. Маҳоратли дзюдочимиз “Мастерс” мусобақасида 1 та бронза, “Катта дубулға” турнирида 4 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза, қитъа биринчиликларида эса 2 та олтин, 1 та кумуш ҳамда 2 та бронза медалларини жамғарган. Жорий йил Қатарда ўтган жаҳон чемпионатида -52 кг вазн тоифасида кумуш медалга сазовор бўлди. Дзюдочимиз қўлга киритган натижалари эвазига давлатимиз томонидан “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланган.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳар икки спортчимизни таваллуд куни билан табриклаб, уларга узоқ умр ва сиҳат-саломатлик тилаб қолади.