Умиджон Жалоловни табриклаймиз!
Бугун эркин кураш бўйича ўсмирлар Олимпиадаси ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби Умиджон Жалолов таваллуд айёмини нишонламоқда.
Умиджон Жалолов 2002 йил 12 июль куни Бухорода туғилган. Қаҳрамонимиз эркин кураш бўйича 2017 йил Бангкокда ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати ғолиби бўлди. 2018 йил Тошкентда ушбу муваффақиятни такрорлаб, Буэнос-Айрес-2018 ўсмирлар Олимпиадасига йўлланма олган. Кичик Олимпиадада -48 кг вазн тоифасида иштирок этган ёш полвонимиз рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва олтин медаль соҳибга айланди. 2019 йил ўсмирлар ўртасида, 2022 йил ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғалаба қозониб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Умиджон Жалоловни туғилган куни билан табриклаб, унга узоқ умр, улкан муваффақиятлар ва сиҳат-саломатлик тилаб қолади.