Ру En O'z
8 Июль 2023 3235

Шайх Талал Ал Фахад Ал Сабах ООК президенти этиб сайланди

Айни дақиқаларда Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида Осиё Олимпия кенгашининг 62-Бош Ассамблеяси бўлиб ўтмоқда. Тадбирнинг кун тартибидан қитъамиз спорти учун муҳим ва истиқболли режалар, лойиҳаларни муҳокама қилиниш баробарида ташкилотга янги раҳбар, шунингдек, минтақалар бўйича вице-президентлар сайлаш масаласи ҳам ўрин олган. 

Овоз бериш жараёни якунига кўра, Шайх Талал Ал Фахад Ал Сабах Осиё Олимпия кенгашининг президенти этиб сайланди. Шунингдек, ғарбий минтақа учун Тани ибн Абдулраҳмон Ал Қувари (Қатар), шарқий минтақа учун Тимоти Фок (Гонконг), жануби-шарқий минтақа учун Сери Сириват (Таиланд), жанубий минтақа учун Сед Ариф Ҳасан (Покистон), Марказий Осиё минтақаси учун Тимур Кулибаев (Қозоғистон) номзодлари ташкилот вице-президентлигига тасдиқланди. 

Маълумот учун, ООКнинг шакллантирилган ушбу раҳбарияти келгуси 4 йил давомида ташкилотни бошқаради. Ҳамюртимиз Отабек Умаров эса “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинлари бўйича ООК вице-президенти сифатида фаолиятини давом эттиради.

Бош Ассамблея давомида ООКнинг турли бўлимлари ва қўмиталарига ҳам раҳбарлар сайланади. Мазкур тадбирда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг вакиллари ҳам иштирок этишмоқда.

Text to speech