Ру En O'z
7 Июль 2023 1247

Тошкентда осиёлик ёш хоккейчилар учун халқаро ўқув-машғулот йиғини ўтказилади

1-7 август кунлари Тошкентда осиёлик ёш хоккейчилар учун ўқув-машғулот йиғини ташкил этилади. Осиё Олимпия кенгаши, Халқаро муз устида хоккей федерацияси (IIHF) билан ҳамкорликда ўтказиладиган ушбу тадбирда қитъамизнинг 30 га яқин мамлакатидан ёш спортчилар ва уларнинг мураббийлари иштирок этишади. Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида IIHFнинг Осиё ва Океания минтақаси бўйича менежери Харалд Спрингфилд билан ушбу тадбирга олиб борилаётган тайёргарлик жараёнлари муҳокама қилинди.

Меҳмонни МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов қарши олди. Шунингдек, ушбу йиғилишда Ўзбекистон хоккей федерацияси Ижрочи директори Элбек Маҳмудов ҳам иштирок этди. Ойбек Омилович Х.Спрингфилдга мамлакатимизда сўнгги даврда қишки спорт турларини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ҳақида гапирар экан бунга “Ҳумо арена” кўп тармоқли муз саройи, “Амирсой” чанғи комплекси, "Алпомиш" мажмуаси ва вилоятларда қурилаётган муз саройларини яққол мисол тариқасида келтирди. Қолаверса, ёш хоккейчиларимизнинг халқаро майдондаги ютуқларини алоҳида эътироф этиб, бу каби лойиҳалар юртимиз спорти учун муҳим эканини билдирди.

Ўз навбатида, IIHF вакили Ўзбекистон хоккей федерацияси ушбу лойиҳага катта тайёргарлик кўраётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, мамлакатимиз халқаро йиғинни юқори даражада ўтказишига асло шубҳа қилмаслигини, келгусида ҳамкорликда янада кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлигини қўшимча қилди.

Режага мувофиқ, халқаро ўқув-машғулот йиғини икки қисмдан иборат бўлади. Дастлаб иштирокчиларга назарий билим берилади. Шундан сўнг тингловчилар ўз қобилиятларини “Ҳумо арена”да ўтадиган амалий машғулотларда намойиш қилишади.

Text to speech