Ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун имкониятлар яратиш – асосий мақсад
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбариятидан тузилган ишчи гуруҳнинг Республикамиз бўйлаб ўрганиш ишлари давом этади. Хабар берганимиздек, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов бошчилигидаги мутасаддилар Наманган вилоятида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, спорт соҳасида олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганишмоқда.
Ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили Косонсой ва Янгиқўрғон туманлари бўлди. Косонсойдаги маданият марказида фуқароларнинг мурожаатлари бўйича сайёр қабул бўлиб ўтди. Унда соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф қилиш, ёшларнинг бандлик даражасини ошириш, ҳудудлардаги моддий-техник базаларни кучайтириш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Учрашув давомида соҳада ўзини кўрсатган бир қатор ёшларга эсдалик совғалари топширилди. Қайд этиш жоиз, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов ҳар бир ҳудудда бўлиб турган вакиллар билан онлайн боғланиб, жойлардаги ҳолат, иш жараёнининг бориши бўйича маълумот олиб турди.
Мутасаддиларнинг Янгиқўрғон туманидаги собиқ Иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежига ташрифи ҳам алоҳида аҳамият касб этди. Ўрганиш ишлари якунида ҳозирда фаолият юритмаётган ушбу бинонинг тасарруфидаги спорт залини таъмирлаш ва фойдаланишга топшириш, ҳудуддаги ёшларнинг қизиқишидан келиб чиққан ҳолда спорт тўгаракларини очиш каби истиқболли режалар кўриб чиқилди. Ўрганиш ишлари давом этади.