МОҚ раҳбари эмлаш жараёнидан сўнг дзюдочиларимиз билан учрашди
Хабар берганимиздек, шу кунларда Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларида иштирок этувчи делегациямиз аъзоларини коронавирусга қарши эмлаш ишлари олиб борилмоқда. Бугун режа бўйича дзюдо бўйича терма жамоамизнинг асосий вакиллари вакцинация қилинди. Делегациямизнинг байроқдор жамоаларидан бирининг эмланиши МОҚ раҳбарияти нигоҳида бўлди. Жараённи ташкилот раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Бош котиб Ойбек Касимов ва МОҚ раисининг ўринбосари Сакен Полатов кузатиб боришди.
Шундан сўнг МОҚ раиси жамоамиз аъзолари билан кўришди. МОҚ Мажлислар залида ўтган учрашувда Рустам Шоабдураҳмонов спортчиларимиз билан яқиндан гаплашди ва улардан ҳол-аҳвол сўради, яқин режалари билан танишди. Қайд этиш жоиз, дзюдочиларимизни олдинда Олимпиададан аввал июнь ойида Будапештда (Венгрия) ўтадиган жаҳон чемпионати кутиб турибди. Шундан сўнг Олимпия ўйинлари учун рейтинг очколарини йиғиш даври якунланади. Ҳозирда эркаклар терма жамоамиз тўлиқ таркибда, аёллар жамоасида эса 2 нафар вакилимиз лицензион ҳудудда турибди.
Рустам Шоабдураҳмонов суҳбатда спортчиларимизнинг Токио Олимпиадасига тайёргарлик жараёни ҳукуматимиз томонидан қўллаб-қувватланаётгани ҳақида гапириб, дзюдочиларимизнинг келгуси фаолиятига омад тилаб ўтди.
Таъкидлаш жоиз, бугун кун давомида пара-эшкак эшиш, дзюдо, таэквондо ва замонавий бешкураш спорт турларидан жами 30 га яқин таҳлиллар олиниб, 17 нафар вакил коронавирусга қарши эмланди.