Осиё Олимпия кенгаши билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
Пойтахтимизга Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Қоидалар қўмитаси раиси Талал Фаҳад Ал Аҳмад Ал Сабаҳ ташриф буюрди. Сафар давомида мартабали меҳмон иштирокида ООК билан ҳамкорликнинг янги босқичлари муҳокама қилинди. Меҳмонни Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Қўмита раиси ўринбосари Азизжон Камилов қарши олишди.
Учрашувда О.Касимов юртимизда Олимпия ҳаракати ва соғлом турмуш тарзи тарғиботига қаратилаётган эътибор, бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар, амалий ишлар хусусида тўхталиб ўтди. А.Камилов мамлакатимизда Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ва “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларига олиб бораётган тайёргарлик хусусида маълумот берди.
Ўз ўрнида, мартабали меҳмон Ўзбекистон ООКнинг энг фаол аъзоларидан бири эканини алоҳида таъкидлаб, юртимиз спортининг потенциалига юқори баҳо берди. Қайд этиш жоиз, Талал Ал Сабаҳ 8 июль куни ўтадиган ООК Президентлигига сайловда номзодлардан бири ҳисобланади. Учрашув давомида у ўзининг амалга ошириши кутилаётган режалари, ООК ва қитъамиз спортининг ривожлантириш бўйича лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берди.
Самимий руҳда ўтган суҳбат давомида нафақат ООК, балки Қувайт ва Ўзбекистон спортидаги ҳамкорликнинг янги қирралари хусусида ҳам сўз борди.