Замонавий бешкурашчиларимиз жаҳон чемпионати ва халқаро йиғинда қатнашиш учун Мисрга йўл олишди
Замонавий бешкураш бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси навбатдаги халқаро ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш учун Мисрнинг Искандария шаҳрига жўнаб кетди. Миср тарафининг таклифига биноан машғулотлар Араб илм-фан ва денгиз транспорти технологиялари академиясида бўлиб ўтади.
Академия бу борада барча қулайликларга эга бўлиб, ушбу спорт тури билан шуғулланиш, спортчиларнинг жисмоний ва техник тайёргарлигини кучайтириш учун зарур анжомлар билан жиҳозланган. Машғулотларни жамоа бош мураббийи Вадим Чудновский олиб боради. Режага кўра, йиғин давомида бошқа иштирокчи давлатлар билан тажриба алмашиш кўзда тутилган.
Қайд этиш жоиз, машғулотлардан сўнг ёш атлетларимиз 12-16 июль кунлари Искандарияда ўтадиган U-17 ёш тоифасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этишади. Шу боис ушбу йиғин нафақат Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари, балки бўлажак дунё биринчилигига ҳам асосий тайёргарлик босқичларидан бири ҳисобланади.