Муроджон Холмуродов Токиода юрт шарафини ҳимоя қилади
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси йўлга қўйган “Улар Токиода юрт шарафини ҳимоя қилишади” лойиҳасини давом эттиради. Бу гал велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма олган Муроджон Холмуродов ҳақида батафсил маълумот берамиз.
Муроджон Холмуродов 1982 йил Хоразм вилоятининг Гурлан туманида туғилган. Халқаро тоифадаги спорт устаси. Ёшлигидан спортга меҳр қўйган қаҳрамонимизга Маҳмуд Кусчанов, Улуғбек Ҳайдаров ва Омонбой Жумановлардан велоспортнинг илк сирларини ўргатган. 1996 йил Тошкент шаҳридаги Республика Олимпия захиралари билим юртида ўқишга қабул қилинган.
Қаҳрамонимизнинг таъкидлашича, у велоспортдан олдин бокс, кураш сингари спорт турлари билан шуғулланган. Аммо, Муроджон Холмуродовда велосипед спортига нисбатан ўзгача қизиқиш ва меҳр пайдо бўлади.
1999 йилдан Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзосига айланди. 2010 йил Гуанчжоу (Хитой)да XIV Осиё ўйинларида иштирок этиб, 4-натижани қайд этган.
2011 йил Таиландда ўтган шоссе бўйича Осиё чемпионатида 2-ўринни эгаллаб, 2012 йил Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида бўлиб ўтадиган ХХХ ёзги Олимпия ўйинлари лицензиясини қўлга киритган.
2013 йил Ҳиндистоннинг Нью-Дели шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида 2 йўналиш бўйича 2 та олтин медалга сазовор бўлди. 2018 йил Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ўйинларида шоссенинг яккалик вақт дастурида кумуш медалга эга чиқди. Шу йили Малайзияда Осиё чемпионатида, Таиланддаги Осиё кубогида 3-ўринларни банд этган.
2019 йил пойтахтимизда ўтган велошоссе бўйича Осиё чемпионатида қайд этган натижаси билан Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма олди.