Ру En O'z
26 Июнь 2023 1059

Боку мамлакатларнинг спорт соҳасидаги дўстлик платформасига айланди

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов айни кунларда Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида хизмат сафарида бўлиб туришибди. Мутасаддилар 26-29 июнь кунлари ушбу шаҳарда ўтадиган Жисмоний тарбия ва спортга масъул вазир ҳамда юқори мансабдор шахсларнинг еттинчи халқаро анжуманида (MINEPS VII) иштирок этишади. Унда 50 дан ортиқ мамлакатдан ташриф буюрган делегатлар қатнашмоқда.

Тадбир давомида соҳадаги ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириш юзасидан қатор келишувларга эришилмоқда. Жумладан, Адҳам Икрамов Эрон Спорт ва ёшлар вазири Ҳамид Сажжади билан учрашув ўтказди. Таъкидлаш жоиз, ҳар икки давлат Президентлари бир неча кун аввал Теҳронда ўзаро учрашишган эди. Суҳбатда мамлакат раҳбарларининг дўстона сиёсатини спорт соҳасида давом эттириш, ўзаро тажриба алмашиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, А.Икрамов ҳамда О.Касимов Озарбайжон Ёшлар ва спорт ишлари вазири Фарид Гайибов ҳамда мамлакат Олимпия қўмитаси Бош котиби Азер Алиев билан ҳам учрашишди. Суҳбат давомида ҳар икки давлат ўртасида соҳага оид ҳамкорликни кучайтириш ва мустаҳкамлаш кун тартибининг асосий мавзуларидан бири бўлди. Режага кўра, ташриф давомида яна бир қатор мамлакатларнинг спорт соҳасидаги етакчилари билан ҳам учрашувлар ташкил этилиши кўзда тутилган.

Text to speech