Ру En O'z
25 Июнь 2023 4055

Халқаро Олимпия куни ва Ёшлар кунига бағишлаб ўтказилган оммавий югуриш мусобақаси 60 мингдан зиёд ёшларни қамраб олди

Маълум қилганимиздек, бугун бутун Республикамиз бўйлаб 23 июнь – Халқаро Олимпия куни ҳамда 30 июнь Ёшлар кунига бағишланган “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси ўтказилди. Юртимизнинг 16 шаҳрини қамраб олган ушбу тадбирнинг Тошкент шаҳридаги баҳслари ҳам юқори савияда ташкил этилди.

Мусобақанинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси мутасаддилари иштирок этишди. Маросимда сўз олган расмийлар мамлакатимизда ёш авлоднинг бугунги кунда спорт билан шуғулланишлари учун яратилаётган шароитлар, Президентимиз томонидан бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтишди. Шунингдек, тадбир давомида Халқаро Олимпия қўмитаси Президенти Томас Бахнинг Олимпия куни муносабати билан йўллаган байрам табриги ҳам қўйиб берилди.

Қайд этиш жоиз, ушбу мусобақада мамлакатимиз вакилларидан ташқари қўшни Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондан ташриф буюрган спортчилар, қолаверса, юртимизда фаолият олиб бораётган дипломатик корпус вакиллари ҳам иштирок этишди. Бутун Республикамиз бўйлаб ўтган тадбир Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, барча шаҳар ва вилоят ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил қилинди. Мусобақанинг бош ҳамкори “O'zbekneftgaz” АЖ бўлиб, тадбирнинг ташкилий, техник-тайёргарлик ишлари Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси томонидан амалга оширилди. 

Рақамлар хусусида тўхталадиган бўлсак, ушбу оммавий югуриш мусобақасида Республикамиз бўйича жами 60 мингдан зиёд иштирокчи қатнашди. Улар орасида 17 мингга яқин талабалар, шунингдек, ҳарбий ўқув юртларининг курсантлари ва битирувчиларидан иборат Ватан Қалқони ҳарбий-ватанпарварлик гуруҳи ҳам бор.

Фарғона, Наманган, Бухоро, Самарқанд, Нукус шаҳарларида 1 миля (1609 метр) ва 3 км, Андижон, Гулистон, Нурафшон, Жиззах, Термиз, Навоий, Қоровулбозор, Қарши, Урганч ва Ғузор шаҳарларида 3 км масофада баҳслар бўлиб ўтди. “Ҳумо арена” мажмуасининг олдидаги майдон мезбонлик қилган Тошкент шаҳридаги баҳслар эса 1 миля, 3 км ва 10 км масофаларда ташкил этилди. Мусобақанинг шиори эса Халқаро Олимпия кунининг 75 йиллиги муносабати билан илгари сурилган #LetsMove (“Келинг, ҳаракатланамиз”) хештеги бўлди.

Бугун кечки дастурда Тошкент шаҳридаги “Миллий боғ” масканида пойтахтимизда ўтган мусобақанинг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.

Text to speech