Ру En O'z
12 Май 2021 2298

Ситора Ҳамидова ҳамда Ғиёсжон Бобоевни табриклаймиз!

Бугун енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Ситора Ҳамидова ҳамда маҳоратли дзюдочимиз Ғиёсжон Бобоев таваллуд айёмини нишонлашмоқда.

Ситора Ҳамидова 1989 йил 12 май куни Термиз шаҳрида туғилган. Рио-2016 Олимпия ўйинлари ва Индонезияда ўтган (2018) Осиё ўйинлари иштирокчиси. 10 минг метр, ярим марафон ва марафон йўналишларида югуриш бўйича ихтисослашган спортчимиз фаолияти давомида кўплаб нуфузли мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган. Ҳамидова кўп карра Ўзбекистон чемпиони, шунингдек, 10 минг метр ва ярим марафон йўналишларида мамлакат рекордчиси ҳисобланади.

Ғиёсжон Бобоев 1993 йил худди шу санада Бухоро вилоятида таваллуд топган. Дзюдо бўйича -73 ва -81 кг вазн тоифаларида терма жамоамиз шарафини ҳимоя қилади. Бобоев фаолиятидаги асосий ютуқларга -73 кг вазн тоифасида эришган. Бу даврда у Гран-при тоифасидаги мусобақаларда 1 та олтин. 2 та кумуш ва 1 та бронза, “Катта дубулға” мусобақаларида эса 1 та кумуш ва 1 та бронза медалларига сазовор бўлган. Жаҳон чемпионати ва Мастерс мусобақаларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган. Ҳозирда -81 кг вазн тоифасида иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Ситора Ҳамидова ҳамда Ғиёсжон Бобоевни бугунги таваллуд айёми билан табриклаб, уларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр ва улкан зафарлар тилаб қолади.

Text to speech