Учкурашчиларимиз квалификацион мусобақаларда қатнашишмоқда
Хитойнинг Ханжчоу шаҳри XIX Осиё ўйинларига катта тайёргарлик кўрмоқда. Ўз навбатида, ўзбекистонлик чавандозлар ҳам ушбу мусобақада қатнашиш учун ҳозирлик олиб боришяпти.
Шу жумладан, учкурашчиларимиз Жасурбек Хотамбеков, Алишер Эркинов ва Муҳаммаддиёр Ҳакимжонов квалификацион мусобақаларда иштирок этишмоқда. Ҳамюртларимиз 21-24 июнь кунлари Польшанинг Штрезигом шаҳрида ташкил этиладиган CCI 1*Intro ,CCI2* L , CCI2* S турнирларида қатнашишади.
Кузда ўтадиган “Осиё олимпиадаси”га 100 кундан кам вақт қолди. Шу боис, ҳозирда барча терма жамоалар мазкур мусобақага катта тайёргарлик олиб боришмоқда. Ханжчоу-2022 Осиё ўйинлари дастуридан ўрин олган от спорти баҳслари Халқаро спорт марказида бўлиб ўтади. Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган конкур, от йўрттириш ва учкураш йўналишлари 26 сентябрь – 6 октябрь кунлари бўлиб ўтади.
Ушбу беллашувларга мезбонлик қиладиган арена 54 минг квадрат метрга яқин ҳудудни ўз ичига олади. Унда Осиёнинг турли ҳудудларидан келган чавандозлар медаллар учун ўзаро баҳс олиб боради.