МОҚ раиси ўринбосари Азизжон Камиловни табриклаймиз!
Бугун Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов таваллуд айёмини нишонламоқда.
Азизжон Якубжанович Камилов 1984 йил 19 июнь куни туғилган. Ҳозирда МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон дзюдо федерациясининг раиси лавозимларида фаолият олиб бормоқда.
Азизжон Якубжанович мамлакат дзюдо федерацияси бошқарувида катта ислоҳотларни амалга ошира олди. 2019 йил дзюдо бўйича Тошкент “Катта дубулға” турнирининг “Ҳумо арена” муз саройида ўтиши, 2022 йил Ўзбекистон ўз тарихида илк бор катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши, терма жамоамиз бошқарувида жаҳон дзюдосининг афсонавий вакили, Афина-2004 Олимпия ўйинлари чемпиони Илиас Илиадис каби мураббийнинг иш бошлаши, бунга жавобан дзюдочиларимизнинг жаҳон ареналаридаги улкан ғалабаларида ушбу инсоннинг хизматлари катта. Қайд этиш жоиз, Азизжон Камилов раҳбарлигида илк бор мамлакатимиз “Катта дубулға” турнирини қабул қилди, Олимпия ўйинларига қўлга киритилган йўлланмаларимиз сони бўйича рекорд янгиланиб, Токио-2020 да ушбу спорт турида делегациямиз ҳисобига 1 та бронза медали ёзиб қўйилди. Пойтахтимизда ўтган дунё биринчилигида эса терма жамоамиз 2 та олтин медаль билан умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади.
Азизжон Якубжановичнинг ташаббуси билан Халқаро дзюдо федерацияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда “Мактабларда дзюдо” дастури йўлга қўйилди ва унинг доирасида Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда 12 вилоятда 14 та ана шундай енгил конструкцияли заллар барпо этилди. Уларда бугунги кунда минглаб ёшларимиз севимли спортлари билан шуғулланишмоқда. Мамлакатимизда оммавий спорт, қолаверса, дзюдо спортини ривожлантиришдаги хизматлари учун “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Азизжон Камиловни бугунги таваллуд айёми билан табриклаб, у кишига узоқ умр, сиҳат-саломатлик ва улкан ғалабалар тилаб қолади.