Ру En O'z
17 Июнь 2023 2431

Улуғбек Розукулов Ўзбекистон гимнастика федерациясининг раиси этиб сайланди

Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Ўзбекистон гимнастика федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов (онлайн), МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари Азизжон Камилов, Гўзал Мўминова бошчилигидаги федерация мутасаддилари, гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактаблари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни Ойбек Омилович очиб берар экан, даставвал конференция моҳияти ҳақида тўхталиб ўтди. Хусусан, федерациянинг аввалги раҳбари бошқа ишга ўтгани муносабати билан ташкилотга янги раис сайлаш конференция кун тартибидаги асосий масала эканини таъкидлади. МОҚ Бош котиби ушбу лавозимга федерация бош ҳомийси “Ўзавтосаноат” АК бошқарув раиси Розукулов Улуғбек Убайдуллаевич номзодини илгари сурди. Конференция қатнашчилари бир овоздан ушбу номзодни қўллаб-қувватлашди ва У.Розукулов Ўзбекистон гимнастика федерациясининг раиси этиб сайланди.

Ўз навбатида, Улуғбек Убайдуллаевич билдирилган ишонч учун миннатдорчилик билдириб, Президентимизнинг “Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш, мавжуд муаммо ва масалаларни ҳал этиш, гимнастика ривожини янги босқичга олиб чиқиш йўлида бор куч-ғайратини сафарбар қилишини таъкидлади. Шунингдек, у ҳудудларга эътиборни янада кучайтириш, вилоятлардаги моддий-техник базани кучайтириш, спортчиларни ҳар томонлама рағбатлантириш каби масалаларга ҳам тўхталди.

Тадбир давомида федерация раисининг биринчи ўринбосари Гўзал Мўминова Президент Қарори бўйича федерация миқёсида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисобот берди. Ш.Маҳмудов федерация раҳбарини янги лавозимга сайлангани билан табриклаб, унга спортчиларимизнинг Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларида муносиб иштирокларини таъминлаш каби масъулиятли вазифаларни бажариш йўлида куч-қувват тилади. Шунинг билан, федерациянинг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўз ишини якунлади.

Text to speech