Ўзбек қиличбозлигининг афсонаси Собир Рўзиев 70 ёшда!
Бугун қиличбозлик бўйича ўзбек спортининг афсонавий вакилларидан бири, икки карра жаҳон чемпиони ва Олимпия ўйинларининг кумуш медаль соҳиби Собиржон Рўзиев ўз таваллуд айёмини нишонламоқда. Шу муносабат билан, бугун МОҚда Собир Собитовични табриклаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Баҳодир Махситов бошчилигидаги спорт фахрийлари кенгаши аъзолари иштирок этишди.
Тадбир аввалида сўз олган Адҳам Илҳамович С.Рўзиевнинг ўзбек спорти, хусусан, жисмоний тарбия ва спорт, қиличбозлик спортининг ривожига қўшган улкан ҳиссасини алоҳида эътироф этди. Шунингдек, давлатимиз томонидан спорт фахрийлари ҳамиша эътиборда бўлишлари, улар ҳамиша ижтимоий қўллаб-қувватланиши ҳақида қўшимча қилди. Ўз навбатида, Ойбек Касимов ҳам кун қаҳрамонининг Олимпизм ҳаракатини тарғиб қилишдаги кўп йиллик самарали фаолиятини алоҳида таъкидлади. Шундан сўнг, Собир Собитовичга МОҚнинг эсдалик медали тақдим қилинди.
Маълумот учун, Собиржон Рўзиев 1953 йил 15 июнь куни туғилган. Собиржон Сабитович қиличбозликнинг рапира йўналиши бўйича Москва-1980 Олимпия ўйинлари финалчиси, икки карра жаҳон чемпиони ҳисобланади. Собиржон ака спортчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси (1992-1995), шунингдек, 1994-2003 йиллар мобайнида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти лавозимида самарали меҳнат қилган. С.Рўзиев Халқаро Олимпия қўмитасининг кумуш, Осиё Олимпия кенгаши ва Миллий Олимпия қўмиталари ассоциациясининг олтин орденлари соҳиби ҳисобланади.
Фаолияти давомида қайд этган натижалари учун “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” (1992) фахрий унвони, Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғи (1994) билан тақдирланган.
Тадбир якунида сўз олган Собир Рўзиев кўрсатилган бундай эътибор ва ғамхўрликдан мамнун эканини билдириб, бундан кейин ҳам юртимиз спорти ривожи учун қўлдан келган барча ёрдамни аямасликка тайёр эканини билдирди.