90 ёшни қарши олган Паина Сиднеевнага МОҚнинг эсдалик медали топширилди
Жорий йил ўзбек бокси мактабига тамал тоши қўйган инсонлардан бири, Руфат Рисқиев каби кўплаб таниқли ўзбек боксчиларига устозлик қилган Сидней Жексоннинг қизи Паина Кац 90 ёшни қарши олди. Қайд этиш жоиз, П.Кац узоқ йиллар шифокор сифатида фаолият олиб борган. Хусусан, амалий тиббиётдан ташқари кўплаб қўлёзмалари ва илмий мақолалари билан юртимиз спорт тиббиёти ривожига ҳисса қўшган.
Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Паина Сиднеевнани ушбу юбилей ёши билан қутлаш тадбири бўлиб ўтди. Унда Баҳодир Махситов бошчилигидаги спортимиз фахрийлари, МОҚ раиси маслаҳатчиси Алишер Каримов ҳамда Қўмита ходимлари иштирок этишди. Мутасаддилар тадбир давомида Паина Сиднеевнанинг бу борадаги хизматларини алоҳида эътироф этиб, унинг узоқ йиллик фидоий хизматлари учун миннатдорчилик изҳор қилишди.
Тадбир якунида анъанага мувофиқ, П.Кацга Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг эсдалик медали топширилди.