Шоссе йўналишидаги баҳслар якунланди, навбат трек дастурига
Таиланднинг Районг шаҳрида велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича U-20, U-23 ёш тоифалари ва катталар ўртасида Осиё чемпионати ўз якунига етди. Унда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси 2 та олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронза, жами 9 та медалга сазовор бўлди. Ўзбекистон велосипед спорти федерациясининг маълум қилишича, ушбу натижа билан терма жамоамиз 27 давлат орасида учинчи ўринни эгаллади. Гарчи юртдошларимиз Париж-2024 Олимпиадасига тўғридан тўғри йўлланма берувчи йўналишларда шоҳсупага кўтарила олмаган бўлишсада, қимматли рейтинг очколарини ўз ҳисобларига ёздириб қўйишди. Мусобақада спортчиларимиз қуйидаги йўналишларда шоҳсупага кўтарилишди:
Олтин медаль:
Ольга Забелинская (индивидуал старт пойгаси, катталар)
Янина Кускова (индивидуал старт пойгаси, U-23)
Кумуш медаль:
Аралаш жамоавий пойга (катталар)
Аралаш жамоавий пойга (U-23)
Асал Ризаева (индивидуал старт пойгаси, U-20)
Янина Кускова (гуруҳ пойгаси, U-23)
Бронза медаль:
Аралаш жамоавий пойга (U-20)
Асал Ризаева (гуруҳ пойгаси, U-20)
Бегзод Раҳимбоев (гуруҳ пойгаси, U-23)
Терма жамоамиз айни пайтда Таиланддан Малайзияга етиб борди. Спортчиларимиз эндиликда 19 июнь кунига қадар трек йўналишида қитъа биринчилиги учун баҳс олиб боришади.