Ру En O'z
13 Июнь 2023 1010

Спортсевар ёшлар учун байрам яқин

Ўтган йилдан бошлаб 23 июнь – Халқаро Олимпия куни ҳамда 30 июнь – Ёшлар кунига бағишлаб “Янги нафас” халқаро югуриш мусобақасини ўтказиш йўлга қўйилди. Бу йил ҳам ушбу спорт байрамини катта шодиёна билан ўтказиш кўзда тутилган бўлиб, 25 июнь санасида бутун Республикамиз бўйлаб “Янги Нафас” халқаро югуриш мусобақаси ташкил этилади. Бугун Ўзбекистон енгил атлетика федерациясида ушбу тадбир тайёргарлигига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ ҳамда Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси мутасаддилари, ташкилий қўмита аъзолари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Даставвал ташкилий қўмита аъзолари тадбир ҳақида батафсил маълумот беришди. Унга кўра, 25 июнь куни бир вақтнинг ўзида Ёшлар кунига бағишлаб Республикамизнинг 16 та шаҳрида “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси, шунингдек, “Ватан қалқони” ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги беллашувлар ўтказилади. Қолаверса, Халқаро Олимпия куни муносабати билан 1 миля (тахминан 1.6 км) масофага тенг рамзий югуриш баҳслари ҳам бўлиб ўтади.

Тошкентда ўтказиладиган спорт тадбирининг иштирокчилари учун танлов асосида 3 та масофа тақдим этилади: 1 миля (1609 м), 3 км, 10 км. Фарғона, Наманган, Бухоро, Самарқанд ва Нукус шаҳарларида – 1 миля ва 3 км, Андижон, Нурафшон, Гулистон, Жиззах, Термиз, Навоий, Қоровулбозор, Қарши, Ғузор, Урганчда югурувчилар 3 км масофада мусобақалашади.

Халқаро Олимпия кунини нишонлаш бўйича ХОҚнинг ушбу йилдаги мурожаати ҳам оммавий югуриш мавзусига яқин бўлиб, кундалик жисмоний фаолиятни рағбатлантирган ҳолда #LetsMove хештеги остида бўлиб ўтади. 25 июнь куни кутиб турган тадбирда юртимизнинг таниқли спортчилари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Мусобақада 9 ёшдан катта барча кўнгиллилар қатнашиши мумкин. Барча шаҳарларда Тошкент вақти билан 06:00 да пойгага старт берилади. Режага кўра, пойтахтимизда 5500, Самарқандда 2300 ва қолган 14 шаҳарда эса 2000 га яқин иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.

Text to speech