Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Саноқуловни табриклаймиз!
Бугун мамлакатимизнинг нафақат иқтисодиёт, балки спорт соҳасида ҳам ривожланишида улкан ҳисса қўшиб келаётган давлат ва жамоат арбоби Қувондиқ Саноқулов таваллуд айёмини нишонламоқда.
Қувондиқ Саноқулович Саноқулов 1957 йил 12 июнь куни туғилган. Тошкент политехника институтини тугатган ёш металлург кейинчалик техника фанлар доктори, Ўзбекистон Қаҳрамони даражасига кўтарилди. Қувондиқ Саноқулович Олмалиқ ва Навоийдаги кон-металлургия комбинатларида раҳбар, туман ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари каби лавозимларда фаолият олиб борган. Ҳозирда “Навоий кон-металлургия комбинати”нинг бош директори, Олий Мажлис Сенатори сифатида ишламоқда.
Шунингдек, Қувондиқ Саноқулов узоқ йиллардан буён Ўзбекистон сузиш федерациясига ҳам раҳбарлик қилиб келмоқда. У кишининг бошқарувида бугунги кунга келиб сузиш, сув полоси, синхрон сузиш ва сувга сакраш бўйича терма жамоаларимиз ҳар қандай нуфузли мусобақада ўз олдига юқори мақсадларни қўя оладиган терма жамоалардан бирига айланиб бормоқда. Бундай муваффақиятларнинг барчасида Қувондиқ Саноқуловичнинг хизматлари беқиёс.
Қ.Саноқулов юртимиз тараққиётига қўшган ҳиссаси учун “Дўстлик” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари, давлатимизнинг Олий мукофоти "Ўзбекистон Қаҳрамони" фахрий унвони ва “Олтин юлдуз” медали билан тақдирланган.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Қувондиқ Саноқуловни бугунги таваллуд куни билан табриклаб, унга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаб қолади.