Ўзбекистон ва Ўмон Султонлиги спортидаги алоқалар мустаҳкамланмоқда
Бугун Умон Султонлиги Спорт таъминоти ва ривожлантириш бўйича бош директори Хишам Ал Синани, мамлакат оғир атлетика қўмитаси раиси Аидх Ал Мадхари ҳамда қўмита менежери Юсуф Ал Ҳасани Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига ташриф буюришди. Расмийларни МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов қарши олди. Меҳмонлар Қўмитада яратилган шароитлар ва айниқса, унинг қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази фаолияти билан яқиндан танишишди.
Ойбек Омилович Хишам Ал Синани бошчилигидаги делегацияга ўзбек спортининг шонли тарихи, Юртбошимиз томонидан мамлакатимизда Олимпизм ҳаракати ва соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтиришга қаратилаётган эътибор хусусида батафсил маълумот берди. Ўмонлик мутасаддиларда МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази катта қизиқиш уйғотди. Улар ташкилот фаолияти билан яқиндан танишиб, атлетлар учун марказлашган тизимда хизмат кўрсатувчи бундай муассаса борлиги профессионал спортда катта натижаларга эришишда улкан ҳисса қўшишини таъкидлашди. Қолаверса, спорт ютуқларида тиббий таъминотнинг ўрни муҳимлигини инобатга олиб, ундаги илмий йўналишга алоҳида ёндашишни мақсад қилишганини қўшимча қилишди.
Шундан сўнг томонлар ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди. Қайд этиш жоиз, оғир атлетика бўйича Ўмон терма жамоаси йирик мусобақаларга тайёргарлик кўришда ҳамюртларимиз билан бирга қўшма ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этади. Шунингдек, суҳбатда келгусида бошқа спорт турларида ҳам бундай ҳамкорликни йўлга қўйиш, замонавий спорт ютуқлари бўйича тажриба алмашиш каби мавзулар атрофлича муҳокама қилинди.