Ру En O'z
7 Июнь 2023 1392

Олимпиада совриндорлари Аббос Атоев ва Давлат Бобоновни табриклаймиз!

Бугун бокс бўйича Лондон-2012 Олимпиадаси совриндори Аббос Атоев ва дзюдо бўйича Токио-2020 Олимпия ўйинлари қаҳрамонларидан бири Давлат Бобонов туғилган кунларини нишонлашмоқда.

Аббос Атоев 1986 йилнинг 7 июнида Бухоро вилояти Вобкент туманида таваллуд топган. Бокс бўйича 2007 ва 2009 йилларда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатларининг олтин медаль соҳиби. Шунингдек, у 2007 йилда Осиё чемпионати ғолиби бўлган. 2010 йилги Осиё ўйинларида кумуш медаль, 2012 йил Лондонда бўлиб ўтган Олимпиадада бронза медалини қўлга киритган. Ушбу натижалари эвазига “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи”, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвонлари билан тақдирланган.

Давлат Бобонов 1997 йил Навоий вилоятида дунёга келган. Самарқанд дзюдо мактаби тарбияланувчиси. Курашчилар оиласида туғилган Бобонов ўз ҳаётини дзюдо билан боғлади ва ушбу спорт турида ёшлар ўртасида Осиё чемпионати (2016), Тошкент Гран-приси (2016), Дюсселдорф (2020) ва Тошкент (2023) “Катта дубулға” турнирлари ғолибига айланди. 2020 йил Ўзбекистоннинг энг яхши спортчиси деб топилган. 2021 йил дзюдочимиз учун янада улкан муваффақиятларга бой бўлди. Бобонов дастлаб Қирғизистонда ўтган Осиё чемпионатида олтин, Будапешт мезбонлик қилган жаҳон чемпионатида кумуш, Токио-2020 Олимпия ўйинларида эса бронза медалларини қўлга киритди. 2022 йил юртимизда илк бор ўтказилган жаҳон чемпионатида -90 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритди. Эришган муваффақиятлари эвазига давлатимиз томонидан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан мукофотланган.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳар икки спортчимизни бугунги таваллуд айёми билан табриклаб, уларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик ва улкан зафарлар тилаб қолади.

Text to speech