Меҳмонлар бой ўзбек маданиятидан баҳраманд бўлишди
Айни кунларда пойтахтимизда таэквондо бўйича халқаро ўқув-машғулот йиғини бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси ўзи мезбонлик қиладиган йиғин доирасида йўлга қўйган чиройли анъанасини давом эттирди.
Йиғинда Хитой Таипейи, Қатар ва Вьетнам каби мамлакат вакиллари ҳам иштирок этишмоқда. Муборак Рамазон ойининг навбатдаги куни якунида меҳмонларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, улар учун ўзбекона меҳмондўстлик одатларини кўрсатиш мақсадида маданий тадбир ташкил этилди. Унга йиғинда қатнашаётган барча жамоалар вакиллари таклиф қилинди. Тадбир давомида меҳмонларга ўзбек урф-одати, бой тарихий ва маданий мероси, ҳукуматимизнинг спортни қўллаб-қувватлашга қаратаётган эътибори ҳақида батафсил гапириб берилди.
Шунингдек, ифторлик дастурхони ёзилди. Унда ўзбек ошхонасининг энг тансиқ таом ва ширинликлари тортилиб, меҳмонлар билан баҳам кўрилди. Тадбир якунида иштирокчиларга ассоциациянинг эсдалик совғалари тақдим этилди.