РСТИАМ Туркиядаги тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйди
29 май – 2 июнь кунлари МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори Камол Сирожитдинов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Туркиянинг Истанбул шаҳрида хизмат сафарида бўлди. Сафар давомида Марказ ишини янада ривожлантириш, Туркиянинг ривожланган тиббиёт муассасалари фаолиятини ўрганиш, шунингдек, улар билан манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокаралар ўтказилди.
Ишчи гуруҳ “Acıbadem Sports”, “Romatem”, “Doctor Club”, “Turan & Turan”, “Liv Hospital” спорт муассасалари, шунингдек, Истанбул университетининг тиббиёт факультети фаолиятини яқиндан ўрганди. Муассаса раҳбарлари билан соҳада тажриба алмашиш, даволаш, илмий-методик жиҳатдан ташкилотлар ўртасида яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Сафар давомида “Doctor Club” ва “Turan & Turan” тиббиёт бирлашмалари билан ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланиб, келгусида ташкилотлар ўртасида дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича келишиб олинди.