Велоспортчимиз Сербиядаги турнирда иккинчи бўлди
3-4 июнь кунлари Сербия пойтахтида велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича “Belgrade Grand Prix woman tour” мусобақаси бўлиб ўтди. Икки босқичдан иборат турнир “2.2 - Stages - Class 2” таснифидан ўрин олиб, унда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ҳам иштирок этди.
Мусобақанинг иккинчи кун пойгаси ҳамюртларимиз учун омадли ўтди. Унда “Tashkent City Women Professional Cycling Team” клуби аъзоси Нафосат Козиева иккинчи ўринни қўлга киритди. Аҳамиятлиси, 80 км масофага кечган пойгада 4 нафар спортчи финишда бир хил натижа (2 соат, 5 дақиқа, 49 сония) кўрсатди. Бир неча сантиметрлар ғолиб номини аниқлаб берган дастурда кучли тўртлик қуйидагича кўриниш олди:
1. Моника Брзезна (Польша)
2. Нафосат Козиева (Ўзбекистон)
3. Алина Богдан (Украина)
4. Шаҳноза Абдуллаева (Ўзбекистон)
Мусобақа якунида 3 нафар ҳамюртимиз София Каримова (6), Янина Кускова (8), Маргарита Мисюрина (10) кучли ўнликдан жой олиб, Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмаси учун рейтинг очколарини жамғаришди. Регламентга мувофиқ, ҳар икки босқичда кучли бешликдан жой олган атлетлар ҳам ўз ҳисобларини қимматли очколар билан бойитиб олишди. Яна бир аҳамиятли томони, София Каримова 23 ёшгача бўлган спортчилар орасида умумий ҳисобда учинчи натижани қайд этди.