“Maxsima Masters Eurasia Cup 2023” ўзбек чавандозларининг бенефисига айланди
Москвада “Horseka” от спорти клубида “Maxsima Masters Eurasia Cup 2023” мусобақаси ўз якунига етди. Мусобақанинг ҳар бир кунида совринли ўринлардан жой олган Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари сўнгги кун дастурида ҳам муваффақиятли иштирок этишди.
Ҳамюртимиз Хуршидбек Алимжонов асосий йўналишлардаги ғалабаси билан кўплаб мутахассисларнинг эътиборини жалб қилди. Чавандозимиз охирги кунда “Бозарт Де Руэт” лақабли тулпори билан 145 смли Гран-при йўналишида ғолибона юришини давом эттирди. Ушбу дастурда қатнашган бошқа бир вакилимиз Аъзам Толиббоев эса тўртинчи поғонадан жой олди.
Қайд этиш жоиз, бу спортчиларимиз қўлга киритган олтин медалларнинг якуни эмас. 120-130 см баландликдаги 19 та тўсиқдан сакраш йўналишида мусобақа қаҳрамони Хуршидбек Алимжанов “Корнетс Крэк” билан яна бир ғалабани тантана қилди. 130 см баландликдаги тўсиқлардан сакраш бўйича ўтган дастурда “Лео Кинг” лақабли тулпорида ҳаракат қилган Бекзод Қурбонов учинчи ўринни эгаллади.
Шунингдек, Алена Деревянко Екатеринбургда ўтган “Maxsima Masters Eurasia Cup” от йўрттириш турнирида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди.