Ру En O'z
4 Июнь 2023 1363

Таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатларидаги рекордини такрорлади

Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида таэквондо WT бўйича жаҳон чемпионати якунига етмоқда. Унда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси дунё биринчиликларида қўлга киритилган медаллар сони бўйича рекордини такрорлади. Мусобақада ҳамюртларимиз 1 та кумуш ва 3 та бронза медалларини жамғаришди.

Аёллар ўртасида +73 кг вазн тоифасида кетма-кет 2 бор жаҳон чемпионатининг финалига етиб борган Светлана Осипова бу гал кумуш медаль билан чекланди. Шунингдек, Феруза Содиқова -62 кг вазн тоифасида қаторасига иккинчи бор бронза медали билан тақдирланди.

Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони Улуғбек Рашитов илк бор жаҳон чемпионатида шоҳсупага кўтарилди. Рашитов -68 кг вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритди. Қолаверса, катталар ўртасидаги дунё биринчилигида дебют қилган Омонжон Отажонов -54 кг вазн тоифасида шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.

Кумуш медаль:
+73 кг: Светлана Осипова

Бронза медаль:
-62 кг: Феруза Содиқова
-54 кг: Омонжон Отажонов
-68 кг: Улуғбек Рашитов

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси таэквондочиларимизнинг жаҳон чемпионатидаги муваффақиятли иштироки билан мамлакат таэквондо WT ассоциацияси, спортчи ва мураббийлар, мухлисларимизни самимий қутлайди ва олдинда турган Ханчжоу-2022 Осиё ҳамда Париж-2024 Олимпия ўйинларида атлетларимизнинг бундан ҳам улкан ғалабаларни қўлга киритишларини тилайди.

Text to speech