Ру En O'z
8 Май 2021 2544

МОҚ раиси боксчи ва қиличбозларимизнинг йиғинига ташриф буюрди

МОҚ раҳбарияти Президентимиз берган топшириқлар бўйича терма жамоаларимиз базаларига ташриф буюриб, у ерда спортчиларимиз учун яратиб берилган шароитлар билан янада яқиндан танишиб бормоқда. Бугун МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов Тошкент вилоятининг “Янгиобод” ва “Дукент” спорт базаларида Токио-2020 Олимпиадасига тайёрланаётган терма жамоларимизнинг йиғинига ташриф буюрди.

МОҚ раҳбари даставвал “Янгиобод”да боксчиларимиз билан суҳбатлашди. Унда Токио-2020 лицензиясини қўлга киритган спортчиларимиз ва уларнинг мураббийлари, федерация мутасаддилари иштирок этишди. Суҳбатда Рустам Шоабдураҳмонов давлатимиз раҳбарининг Олимпия ўйинларига тайёргарлик жараёнида спортчиларимизни қўллаб-қувватлаётгани, айниқса, боксчиларимиздан юқори натижалар кутаётганини айтиб ўтди. Шунингдек, Президентимиз томонидан юртимизда боксни ривожлантириш ҳақидаги яқинда эълон қилинган қарори, унинг мазмун-моҳияти ҳақида гапирди. МОҚ раҳбари учрашув давомида ҳар бир боксчимиз билан бирма-бир уларнинг режалари, ижтимоий аҳволи, саломатлиги бўйича гаплашиб чиқди. Ўз навбатида, учрашувда федерация бош котиби Мурод Мамадалиев, терма жамоа бош мураббийи Марат Қурбонов ва шифокор Дилшод Казаков спортчиларимизнинг бугунги жисмоний ҳолати ва саломатлиги ҳақида маълумот беришди.

Хабар берганимиздек, ҳозирда ушбу базада халқаро ўқув-машғулот йиғини олиб борилмоқда. Унда Жазоир, Эрон, Озарбайжон, Иордания каби терма жамоалар ҳам иштирок этяпти. Суҳбатдан сўнг МОҚ раиси жамоаларнинг машғулот жараёнини кузатди.

Шундан сўнг Рустам Шоабдураҳмонов “Дукент” базасига борди. У ерда қиличбозлик бўйича терма жамоамиз йиғин олиб бормоқда. МОҚ ҳамда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси бу ерда ҳам лицензиат спортчиларимизнинг ҳар бири билан юзма-юз, шундан сўнг мураббийлар ва жамоанинг бошқа вакиллари билан суҳбатлашди.

Таъкидлаш жоиз, қиличбозлик бўйича Ўзбекистон терма жамоаси илк бор Олимпия ўйинларига 3 та йўлланма қўлга киритиб, ўз тарихида янги саҳифа очган. МОҚ раҳбари учрашувда жамоамиз учун барча керакли шароитлар яратиб берилиши, уларнинг тайёргарлиги ҳукуматимиз томонидан қўллаб-қувватланаётганини таъкидлади.

Text to speech