Ру En O'z
26 Май 2023 1321

Жасур Жалолиддинов: “Олдида улкан марралари бор жамоа ҳеч қандай рақибдан қўрқмаслиги керак”

Кеча 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатининг биринчи саралаш босқичига қуръа ташланди. Унда Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси “Е” гуруҳидан ўрин олиб, Эрон, Гонконг ва Афғонистон термаларига қарши баҳс олиб бориши ҳақида хабар берган эдик. Қуйида терма жамоамиз ва “Олимпик” клуби сардори Жасур Жалолиддинов билан қуръа якуни бўйича кичик суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз:

– Жамоа сардори сифатида қуръа ҳақидаги фикрларингиз қандай?
– Биз жой олган “Е” квартети яхши гуруҳ бўлди деб ўйлайман. Ўзбекистон ва Эрон жамоаларининг ушбу гуруҳдан ўрин олгани учун баҳслар қизиқарли кечишини тахмин қиляпман. Фикримча, биринчи ўрин учун кураш айнан ушбу жамоалар ўртасида кечади. Ўтган йили юртимизда ўтган Осиё кубогида Эронни гуруҳда қолдириб кетганимиз учун улар бу мусобақага анча жиддий тайёргарлик кўриб келиши аниқ. Шу боис иккала жамоа ўртасидаги баҳс қизиқарли кечишига шубҳа йўқ.

– Ушбу босқичнинг Осиё ўйинларидан олдин ўтиши қандай аҳамият касб этади?
– Беллашувлар якунланганидан сўнг Осиё ўйинларига йўл оламиз. Шу боис ундаги ҳар уч баҳс муҳим мусобақа олдидан тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. Насиб қилса, учала ўйинда ҳам ғалаба қозониб, Қатарда ўтадиган финал босқич йўлланмасини қўлга киритган ҳолда Осиё ўйинларига жўнаб кетамиз.

– Қуръада иккинчи саватдаги энг кучли жамоа тушганида ўзингиз ва қолган йигитларнинг реакцияси қандай бўлди?
– Эрон билан бир гуруҳдан ўрин олганимиз ажабланарли бўлмади. Буни хотиржам қабул қилдик. Чунки биз ўз кучимизга ишонамиз. Олдимизга катта мақсадларни қўйганмиз. Олдида улкан марралари бор жамоа ҳеч қандай рақибдан қўрқмаслиги керак.

Эслатиб ўтамиз, Осиё кубогининг биринчи саралаш босқичи 4-12 сентябрь кунлари ўтказилиб, “Е” гуруҳи баҳсларига Тошкент шаҳри мезбонлик қилади.

Text to speech