Шерзод Ташматов таэквондочиларимизга омад тилади
Таэквондо WT бўйича Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун Озарбайжонга йўл олгани ҳақида маълум қилган эдик. Делегациямиз сафарга жўнаб кетишидан аввал МОҚ раиси ўринбосари, мамлакат таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Ташматов спортчи ва мураббийларимиз билан учрашиб, уларнинг тайёргарлиги бўйича суҳбатлашди.
Қайд этиш жоиз, жаҳон чемпионати Париж-2024 Олимпия ўйинларига энг катта рейтинг очколарини тақдим қилувчи мусобақа ҳисобланади. Шу боис, унда ҳар бир спортчимиз максимал даражада иштирок этишлари талаб этилади. Шерзод Ташматов учрашув мобайнида айнан ушбу жиҳатга эътибор қаратиб, ҳар бир жангда спортчилардан бор имкониятларини ишга солишларини сўради ва барчага омад тилади.
Боку шаҳри мезбонлик қиладиган дунё биринчилиги 29 май – 4 июнь кунлари бўлиб ўтади. Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Мексикада ўтган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалларига сазовор бўлиб, ўз тарихида илк бор 4 та медални қўлга киритган эди. Бўлажак мусобақада спортчиларимиздан камида Мексикадаги натижаларни такрорлашларини кутиб қоламиз.