Ру En O'z
24 Май 2023 997

Танзила Нарбаева Осиё велоспорт конфедерацияси президенти билан янги режаларни муҳокама қилди

Осиё велоспорт конфедерацияси президенти Осама Ал Шафар мамлакатимизда бўлиб тургани ҳақида хабар берган эдик. Мартабали меҳмон ташриф давомида Ўзбекистон Респубилкаси Олий Мажлис Сенати Раиси, мамлакат велосипед спорти федерацияси раҳбари Танзила Нарбаева қабулида бўлди.

Учрашувда юртимизда велоспортни янада ривожлантириш, велосипед спорт турларини аҳоли ўртасида оммалаштириш, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни ушбу спорт турига кенг жалб қилиш, профессионал спортчиларни тайёрлаш, шунингдек, Осиё велоспорт конфедерацияси билан ҳамкорликда истиқболли режаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида Танзила Нарбаева Осиё велоспорт конфедерацияси томонидан кўрсатилган амалий кўмак туфайли Ўзбекистон велосипед спорт федерацияси кўзга кўринарли ютуқларга эришаётганини таъкидлаб ўтди. Хусусан, Ўзбекистон эркаклар ва аёллар терма жамоалари UCI Олимпия рейтинг сеткасидан жой олиб, эркаклар терма жамоаси UCI халқаро рейтингида 52-ўриндан 34-ўринга, аёллар терма жамоаси 22-ўриндан 17-ўринга кўтарилгани алоҳида тилга олинди.

Ўз навбатида, Осама Ал Шафар Ўзбекистонда велоспортни ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни, спортчилар учун яратилаётган шарт-шароитларни юқори баҳолаб, атлетларимизнинг қисқа давр ичида жаҳон велоспорт оламида ўз ўрнига эга бўлгани ва Осиё қитъаси ўзбекистонлик спортчиларнинг ютуқлари билан фахрланаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга, Осиё велоспорт конфедерацияси бундан кейин ҳам Ўзбекистонда велоспортни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини қайд этди.

Шунингдек, суҳбат чоғида Ўзбекистонда велоспортнинг шоссе, тоғ ва трек турлари бўйича мусобақаларни ташкил этиш, Осиё чемпионатларини ўтказиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Ўзбекистон велоспорт терма жамоасининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, хорижий мураббийларни жалб этиш орқали спортчиларни келгусидаги йирик мусобақаларга пухта тайёрлаш каби устувор масалалар юзасидан ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди.

Text to speech