Янги қиёфа очаётган “Universal Jumping Agro”га халқаро экспертлар юқори баҳо беришди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5024 сонли Қарорида мамлакатимизда йирик нуфузли мусобақаларни ўтказиш, отлар учун замонавий шароитларга эга манежлар қуриш бўйича алоҳида кўрсатмалар белгиланган эди. Пойтахтимизда фаолият олиб бораётган “Universal Jumping Agro” от спорти клубининг ишини янада такомиллаштириш орқали ушбу топшириқлар ижроси таъминламоқда.
Ушбу мажмуа 160 бош от учун мўлжалланган. Ҳозирги кунда иншоотда қурилиш ишлари давом эттирилиб, унинг имкониятлари янада кенгаймоқда. Жараённинг кетишини назорат қилиш учун келган Халқаро йилқичилик ва от спорти федерацияси мутахассислари бунга юқори баҳо беришди. Отхонада жониворларни парваришлаш, ветеринария муолажаларини олиб бориш учун барча шароитлар яратилганига алоҳида тўхталишди.
Шунингдек, улар мажмуа Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи лицензион мусобақа ҳамда “Тошкент-2025” Осиё ўйинларини ўтказиш учун ҳар томонлама мос келишини қўшимча қилишди. Янги қиёфа очаётган “Universal Jumping Agro” мамлакатимизда йилқичилик ва от спорти ривожини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши таъкидланди. Ўрганиш ишлари давомида халқаро экспертлар иш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча тавсияларини беришди.