Ру En O'z
23 Май 2023 1517

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси замонавий илм-фан ва олий спорт ютуқларини ривожлантириш бўйича яна бир халқаро ҳамкорликни йўлга қўйди

Ўтган ҳафта Ўзбекистон делегацияси Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида ўтган “Rossiya-Islom dunyosi KazanExpo 2023” форуми доирасида Россия Спорт вазирлиги ва Олимпия қўмитаси раҳбарияти билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида учрашув ўтказган эди. Қисқа фурсат ичида келишиб олинган масалаларни амалга ошириш бўйича изчил ҳаракатлар бошланди.

Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига Россия Олимпия қўмитаси Бош котиби Родион Плитухин ташриф буюрди. Мартабали меҳмонни Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов қарши олиб, унга юртимизда Олимпия ҳаракатини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот берди. Учрашув давомида томонлар ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичи бўйича фикр алмашишди.

Ойбек Омилович терма жамоаларимиз мунтазам равишда Россиянинг кўплаб шаҳарларида ўқув-машғулот йиғинларини олиб боришини таъкидлаб, ушбу жараённи ташкиллаштиришда кўрсатаётган ёрдами учун Россия томонига миннатдорчилик билдирди. Ўз навбатида, Родион Плитухин ҳам икки Қўмитанинг узоқ йиллик ҳамкорлиги, ўзбек спортчиларнинг йирик мусобақаларда, хусусан, Осиё болалари ўйинлари ҳамда яқиндагина якунланган бокс бўйича жаҳон чемпионатида қайд этган юқори натижаларини алоҳида тилга олди.

Шундан сўнг ушбу ҳамкорликнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон ва Россия Олимпия қўмиталари ўртасида меморандум имзоланди. Ундан ижтимоий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш, ҳудудларда Олимпизмнинг пок ва эзгу қадриятлари тарғиботини кучайтириш, оммавий спорт ва олий спорт ютуқлари, илм-фан йўналишидаги муваффақиятлар бўйича тажриба алмашиш каби масалалар ўрин олган. РОҚ Бош котиби мамлакатимизга ташрифи давомида яна бир қатор лойиҳаларда иштирок этиши кўзда тутилган.

Text to speech