Ёш бешкурашчиларимиз Минскдаги йиғинда катта тажриба тўплашмоқда
Замонавий бешкураш бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг Минскда ўтаётган ўқув-машғулот йиғини режа бўйича давом этмоқда. Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларига тайёргарлик босқичи вазифасини ўтаб бераётган ушбу йиғиннинг ортда қолган ҳафтасида турли йўналишлар бўйича назорат мусобақалари ўтказилди.
Беларусь ёшлар жамоаси билан қиличбозлик бўйича ўтган машғулотда ҳамюртларимиз Садриддин Қобилжонов ва Самира Абзалова энг яхши натижани қайд этишди. Шунингдек, мазкур йўналишда Аслиддин Бахтиёров ҳамда Кира Цойнинг натижалари анча ўсганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Спортчилар конкур баҳсларида баландлиги 80 смни ташкил этган 12 та тўсиқлардан сакраш бўйича ҳам куч синашишди.
Ёш атлетларимиз Беларусь термасининг асосий жамоаси билан машғулот олиб боришмоқда. Жаҳон чемпиони Ольга Силкина, Жаҳон кубогининг бир нечта босқичи ғолиби Илья Полозков, ёшлар ўртасида Европа чемпиони Иван Хамцов каби номдор спортчилардан иборат ушбу жамоа вакиллари билан ўтган машғулотлар орқали ёш атлетларимиз катта тажриба тўплашди. Ҳамюртларимиз спарринг баҳсларида кучли рақибларига муносиб қаршилик кўрсатишди.