МОҚ Бош котиби эшкак эшувчиларимизнинг базасидаги шароитлар билан танишди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти билан ўтказган учрашувида Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарликни янада кучайтириш бўйича муҳим топшириқлар бериб ўтган эди. Унда атлетларимиз учун барча шароитларни яратиб бериш, уларнинг ижтимоий шароитини ўрганиш бўйича алоҳида таъкидланган. Бу борада МОҚ раҳбарияти режа бўйича иш жараёнини бошлаб юборди ва яна бир бор барча спорт базалари кўздан кечирилмоқда. Бугун МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов Ўзбекистон ROWING&CANOE федерациясининг Тошкент вилоятидаги Туябўғиз сув омборида жойлашган спорт базасига ташриф буюрди.
Ушбу федерация ҳозиргача делегациямиз ҳисобига Олимпия ўйинларига 2 та, Паралимпия ўйинларига 3 та йўлланма тақдим қилган. МОҚ Бош котиби ташриф давомида лицензиатларимиз билан учрашиб, улар учун яратиб берилган шароитлар билан яқиндан танишди. Суҳбат давомида муаммо ва камчиликлар ҳақида сўради.
“Ҳозир ҳар қачонгидан ҳам масъулиятли давр. Сизларнинг Олимпиадада муносиб иштирок этишингиз, бунинг учун барча шароитларни яратиб бериш шахсан Президентимиз назоратида бўлиб турибди. Биз Сизларнинг ёрдамчингизмиз. Суҳбатимиз давомида мавжуд камчилик ва муаммоларни очиқ-ойдин айтишингизни сўраб қолган бўлар эдим. Ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан барча масалаларга ечим топамиз”, – деди МОҚ Бош котиби.
Асосий жамоаларимиз Таиланд ва Япониядаги Токио-2020 лицензион мусобақасида иштирок этаётгани боис базада захира спортчилари, ёшлар жамоаси ва Токио-2020 лицензиатлари қолган. Ўрганишлар натижасида базадаги коммунал тизим ва овқатлар рационида бир қатор муаммолар мавжудлиги маълум бўлди. Ўз навбатида, Ойбек Касимов федерация мутасаддиларига юқори калорияга бой, мазали таомлар менюсини қайта кўриб чиқиш, мавжуд шу ва бошқа муаммоларни бартараф этиш, спортчиларимизнинг маънавий дунёқарашларини ошириш борасида қатъий кўрсатмалар берди.