Чавандозларимиз Евросиё лигасида тенгсиз
Бишкекдан яна бир ажойиб хабар. Конкур бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Қирғизистонда ўтган “FEI Jumping Nations Cup Eurasia League” мусобақасининг яккалик ва жамоавий йўналишларида ғалаба қозониб, Жаҳон кубогининг финал босқичларига йўл олди.
Мусобақада юртимиз шарафини Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Баҳромжон Газиев, шунингдек, Бекзод Қурбонов, Нуржан Туякбаев, Аъзам Толиббоев ва Хуршидбек Алимжонов ҳимоя қилишди. Чавандозларимиз иккинчи дастурда 150 см баландликдаги тўсиқлардан сакраш беллашувларини жарима очколарисиз якунлашга муваффақ бўлишди. Ундан кейинги ўринларни Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия жамоалари банд этишди.
Қайд этиш жоиз, жамоавий йўналишда ўтадиган Миллатлар кубогининг финал босқичи октябрь ойида Испаниянинг Барселона шаҳрида ташкил этилади. Бу жамоамизнинг мазкур мусобақага учинчи бор йўлланма олиши. Шунингдек, Ўзбекистон терма жамоаси Қирғизистондаги босқич якунида яккалик дастуридаги Жаҳон кубогининг финалига ҳам йўлланма олди. Ушбу мусобақа 2024 йил Саудия Арабистонида бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерациясини ушбу мусобақадаги муваффақиятли иштирок билан қутлаб, спортчиларимизга Жаҳон кубогининг финал босқичларида ҳам омад тилайди.