Ру En O'z
14 Май 2023 1337

Ўзбек футболининг афсонаси Биродар Абдураимов 80 ёшда!

Бугун юртимиз футболининг афсоналаридан бири, кўплаб футболчиларнинг устози Биродар Абдураимов 80 ёшни қарши олмоқда.

Шу муносабат билан, бугун Ўзбекистон футбол ассоциациясида Биродар Ҳасановичнинг юбилейига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Одил Абдураҳмонов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Абдусалом Азизов, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ва катта футбол жамоатчилиги иштирок этди.

Тадбирда Одил Абдураҳмонов яқинда 60 йиллик юбилейини нишонлаган Игорь Шквиринни “Дўстлик”, Биродар Абдураимовни “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирлаш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонини ўқиб эшиттирди. Давлат мукофотларини Абдусалом Азизов ўз эгаларига топширди. Учрашув давомида сўз олган барча Ўзбекистоннинг ХХ асрдаги энг яхши футболчисини қутлаб, ўзларининг самимий тилакларини билдиришди. Ўз навбатида, Ойбек Касимов кун қаҳрамонига МОҚнинг эсдалик медалини топширди.

Маълумот учун, Биродар Ҳасанович Абдураимов 1943 йил ушбу санада таваллуд топган. Қизиқарли томони қаҳрамонимиз дастлаб эркин кураш билан шуғулланиб, ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган. Кейинчалик мураббийлари унда футболдаги иқтидорини пайқаб, “миллионлар ўйини”га жалб қилишади. Фаолияти давомида “Пахтакор”, “Янгиер”, “Спартак” Москва, ЦСКА каби жамоаларда ўйнаб, 100 дан ортиқ голга муаллифлик қилли. Бунинг эвазига Собиқ Иттифоқ чемпионатларида 100 дан ошиқ гол урган футболчилар кира оладиган Григорий Федотов клубига аъзо бўлган. 1968 йил 22 гол билан Собиқ Иттифоқ чемпионатининг энг яхши тўпурари сифатида қайд этилган.

Футболчилик фаолиятидан сўнг юртимизнинг кўплаб клубларида бош мураббийи сифатида фаолият олиб борди. 1994 Хиросимада ўтган Осиё ўйинларида терма жамоа катта мураббийи сифатида тарихий ғалабамизга ҳисса қўшган. Юртимиз футболи ривожига қўшган ҳиссаси учун бугунгача “Шуҳрат” медали, “Фидокорона хизматлари учун" ордени, "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози" ва “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвонлари билан тақдирланган.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Биродар Абдураимовни бугунги юбилей айёми билан қутлаб, унга узоқ умр ва сиҳат-саломатлик тилаб қолади.

Text to speech