Ру En O'z
13 Май 2023 867

Россия спортчилар иттифоқи МОҚнинг ҳамкорларидан бирига айланди

Бугун Россия Олимпия қўмитаси Бош котиби Родион Плитухин, “Россия спортчилар иттифоқи” ташкилоти президенти, эркин кураш бўйича Олимпиада чемпиони Давид Мусульбес ва унинг ўринбосари, қиличбозлик бўйича 2 карра Олимпиада чемпиони Татьяна Логунова Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига ташриф буюришди. Меҳмонларни Ўзбекистон МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов қарши олди. Шундан сўнг Ўзбекистон ва Россия спортидаги дўстона алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш мавзусида учрашув ўтказилди.

Унда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг маслаҳатчиси Аваз Каримов, Баҳодир Махситов бошчилигидаги юртимиз спорти фахрийлари ҳам иштирок этишди. Суҳбат аввалида Ойбек Омилович бундай фахрий меҳмонларни кутиб олиш ва ўзаро дўстона алоқаларни янада ривожлантиришдан мамнун эканини билдирди. МОҚ Бош котиби мамлакатимизда Президентимиз томонидан Олимпизм ҳаракатини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳам маълумот берди. Шунингдек, пойтахтимизда ўтаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатида россиялик спортчиларнинг қайд этаётган натижаларини юқори баҳолади.

Ўз навбатида, меҳмонлар ҳам кўп йиллик ҳамкорликни давом эттириш ривожланиш сари қўйиладиган янги қадам бўлишини таъкидлашди. Хусусан, бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш, кўплаб спорт турларида терма жамоалар ўртасида қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш, замонавий спортнинг илм-фан ютуқлари бўйича тажриба алмашиш бўйича фикр юритишди.

Тадбир якунида Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши ҳамда “Россия спортчилар иттифоқи” ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ундан келгусида ҳар икки мамлакат спорт фахрийлари иштирокида тадбирлар ташкил этиш, спорт ютуқларида уларнинг бой тажрибасидан фойдаланиш каби масалалар ўрин олган.

Text to speech