Ру En O'z
13 Май 2023 2602

Осиё чемпионатининг сўнгги дастурида тўрт медаль

Жанубий Кореяда оғир атлетика бўйича навбатдаги Осиё чемпионати якунланди. Мусобақанинг сўнгги дастурида эркаклар ўртасида +109 кг вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Қувонарлиси, унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 1 та кумуш ва 3 та бронза медалларига сазовор бўлишди.

Даст кўтариш машқида Рустам Жангабаев 196 кг билан бронза медалини қўлга киритди. Силтаб кўтариш дастурида эса Акбар Жўраев 242 кг билан шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди. Икки кураш якунида ҳар икки атлетимиз 437 кг натижа қайд этишди. Уринишлар бўйича устунлик қорақалпоғистонлик спортчимизда бўлгани учун Рустам Жангабаев кумуш, Акбар Жўраев эса бронза медалига сазовор бўлди.

Эркаклар, +109 кг:
1. Гор Минасян (Баҳрайн) – 464 (217+247) кг
2. Рустам Жангабаев (Ўзбекистон) – 437 (196+241)
3. Акбар Жўраев (Ўзбекистон) – 437 (195+242)

Шу тариқа, оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ушбу мусобақада 2 та олтин, 4 та кумуш ва 7 та бронза, жами 13 та медалга сазовор бўлди. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ушбу натижа билан мамлакат оғир атлетика федерацияси, спортчи ва мураббийларни самимий табриклайди.

Text to speech