Ру En O'z
13 Май 2023 998

“Learn to Swim Program” дастури маҳаллий мураббийлар келажаги учун янги платформа бўлди

Сузиш бўйича малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида йўлга қўйилган “Learn to Swim Program” (сузишни ўрганиш дастури) лойиҳасининг яна бир босқичи якунланди. 5-12 май кунлари ташкил этилан навбатдаги дастурда Республикамизда ёш сузувчиларга мураббийлик қилаётган мутахассислар иштирок этишди. Семинарнинг якунида унда муваффақиятли қатнашган 25 нафар тренерга сертификатлар топширилди.

Ушбу семинар Бутунжаҳон сузиш федерацияси (World Aquatics) шафеълигида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон сузиш федерацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тадбирнинг сўнгги кунида МОҚ раиси маслаҳатчиси Алишер Каримов, мамлакат сузиш федерацияси бош котиби Алишер Ғаниев, шунингдек, World Aquatics томонидан жалб этилган америкалик таниқли эксперт Генадиус Соколовас иштирок этиб, мураббийларни курсни муваффақиятли тугатишгани билан қутлашди.

Қайд этиш жоиз, америкалик ушбу мутахассис соҳада улкан тажрибага эга бўлиб, фаолияти давомида АҚШ терма жамоаси сафида бир неча йил ишлаган. Семинар замонавий қўлланмалар ва тақдимотлардан фойдаланилган ҳолда назарий ҳамда амалий дарсларни ўз ичига олди.

Бундан аввал ташкил этилган семинар сузишни эндигина ўрганаётган ёш болаларга мураббийлик қилаётган мутахассислар учун ўтказилган эди. Бу гал ундан кейинги босқичда мураббийларнинг маҳоратини ошириш мавзусига аҳамият қаратилди.

Text to speech