Спортчиларимизнинг ижтимоий шароитига эътибор кучаяди
Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинлари яқинлашиб боргани сари спортчиларимизга ҳар томонлама аҳамият қаратиш талаб этилади. Бунда уларнинг ижтимоий шароити ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зеро, атлетларимизнинг оиласи тинч бўлса, улар машғулотларда бехавотир шуғуллана олишади. МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов федерация ва ассоциацияларимизга олиб бораётган ташрифларида шу каби жиҳатларга алоҳида аҳамият қаратмоқда. Бугун гимнастика ва камондан отиш федерацияси мутасаддилари, спортчилар билан бўлиб ўтган учрашувда бунга алоҳида тўхталди.
Ҳозирда бадиий гимнастика бўйича терма жамоамиз вакиллари Боку шаҳрида бўлиб туришибди. Эртадан Озарбайжон пойтахтида Жаҳон кубогининг учинчи босқичи бошланади. Унда 7 нафар вакилимиз Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи очколари учун кураш олиб боришади. Ўзбекистон гимнастика федерацияси раиси Руслан Мустаев МОҚ раҳбарига ҳар бир гимнастикачимиз, уларнинг оиласи, шароити ҳақида батафсил гапириб берди. Ўз навбатида, Рустам Шоабдураҳмонов спортчиларимизга бўлган эътиборни янада кучайтириш зарурлигини, бу бўйича Президентимиз куни кеча бўлиб ўтган учрашувда алоҳида гапириб ўтганларини алоҳида таъкидлади.
Кун давомида МОҚ раиси камондан отиш федерацияси базасига ҳам ташриф буюрди. Рустам Шоабдураҳмоновга унинг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов ҳамроҳлик қилди. Бугунги суҳбатда аёллар терма жамоаси вакиллари ҳам қатнашди. Қўмита раҳбари учрашув давомида мерганларимиз билан бирма бир суҳбатлашар экан, уларнинг оиласи, яқин қариндошлари, ижтимоий шароити ҳақида сўради. Шунингдек, спортчиларимизга ҳукумат томонидан доимгидан ҳам катта аҳамият қаратилаётгани, бунга юртбошимизнинг шахсан ўзлари аҳамият бераётганлари ҳақида гапирди.
Якунда ҳар икки федерация мутасадди раҳбарларига буёғига атлетларимизнинг оилаларидан тез-тез хабар олиб туриш, уларнинг саломатликларини қаттиқ назоратга олиш бўйича топшириқ берди.