Ру En O'z
11 Май 2023 1193

Боксчиларимиз медаллар сони бўйича рекордни янгилашди. Энди навбат сифатга

Пойтахтимиз мезбонлик қилаётган бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатида саралаш беллашувлари ниҳоясига етди. Регламентга кўра, бугун дам олиш куни. Шу боис ярим финалга йўлланма олган терма жамоалар таркибини сарҳисоб қилишнинг айни фурсати.

Шиддатли жанглар якунида Ўзбекистон энг кўп боксчи билан ярим финалга етиб келган терма жамоага айланди. Хабарингиз бор, бу галги дунё биринчилигида нақд 9 нафар ҳамюртимиз камида бронза медалини расмийлаштирди. Қайд этиш жоиз, бу Ўзбекистон термаси учун бир жаҳон чемпионатида қўлга киритилган медаллар сони бўйича янги рекорд ҳисобланади. Келинг, қайси жамоа нечта спортчи билан чемпионлик учун курашни давом эттираётганига бир назар ташлаймиз:

Ўзбекистон – 9
Куба, Россия – 6
Қозоғистон – 5
Франция, Грузия, Ҳиндистон, Испания – 3
Арманистон, Озарбайжон, Бразилия, Мўғулистон – 2
Хитой, Италия, Иордания, Қирғизистон, Мексика, Тожикистон – 1

Ярим финал йўлланмаларини мамлакат ва қитъалар кесимида кўриб чиқамиз. Ҳеч шубҳа йўқки, бу борада Осиё яққол етакчи. Ҳозирда қитъамиздаги 8 мамлакатдан 23 нафар боксчи иштирокини давом эттирмоқда. Шунингдек, Европанинг 6 мамлакатидан 19 нафар, Америка қитъасининг 3 юртидан 10 нафар боксчи ҳам чемпионликни кўзламоқда. Бироқ бу гал Африка ва Океания минтақаларидан ҳеч бир боксчи медаль қўлга киритди олмайдиган бўлди.

Ярим финалга йўл олган боксчиларимиз ва уларнинг ушбу босқичдаги рақиблари:

-51 кг: Ҳасанбой Дўсматов - Мартин Молина (Испания)
-54 кг: Ойбек Жўраев - Дмитрий Двали (Россия)
-57 кг: Абдумалик Халoков - Мунарбек Сеитбек (Қирғизистон)
-63,5 кг: Руслан Абдуллаев - Хованец Бачков (Арманистон)
-67 кг: Асадхўжа Мўйдинхўжаев - Мишеелт Баттумур (Мўғулистон)
-71 кг: Саиджамшид Жафаров - Вандерсон Де-Оливейра (Бразилия)
-75 кг: Аълохон Абдуллаев - Вандерлей Перейра (Бразилия)
-92 кг Лазизбек Мулложонов - Муслим Гажимагомедов (Россия)
+92 кг: Баҳодир Жалолов - Аюб Гадфа Дрисси (Испания)

Эртадан ҳамюртларимиз ярим финал жангларига киришишади. Ишонамизки, боксчиларимиз эндиликда нафақат медаллар сони, балки сифати бўйича ҳам энг яхши натижамизни янгилашади.

Text to speech