МОҚ раҳбари мерганларимизнинг лицензион мусобақага тайёргарлиги билан танишди
Бугун Рустам Шоабдураҳмонов Ўзбекистон камондан отиш федерациясига ташриф буюрди. Унда МОҚ раҳбари миллий терма жамоамиз спортчиларининг саломатлиги ва июнь ойида Парижда ўтадиган лицензион турнири олдидан олиб борилаётган ўқув-машғулот йиғинлари билан яқиндан танишди.
Таъкидлаш жоиз, айни пайтда терма жамоа базасида ўсмирлар ўртасида мамлакат чемпионати ҳам ўтказилмоқда. Р. Шоабдураҳмонов ёш мерганларимизнинг беллашувларини томоша қилар экан, федерация мутасаддиларига ўз тавсияларини бериб ўтди.
“Ҳозирда спортчиларимизнинг саломатлиги асосий даражага чиқиб қолмоқда. Барчамиз бунинг учун масъулмиз. Давлатимиз бизни ҳар жабҳада қўллаб-қувватлар экан, ўз натижаларимиз билан муносиб жавоб қайтарайлик. Сизлардан ҳам умидимиз катта. Токио Олимпиадасида делегациямиз таркибида камончиларимиз бўлишини истаймиз. Бу йўлда Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда МОҚ барча ёрдамни кўрсатишга тайёр”, – деди МОҚ раиси.
Р. Шоабдураҳмонов терма жамоа мутасаддилари билан суҳбатлашар экан, атлетларимизнинг саломатлигини назоратга олиш, уларнинг оилавий шароитларини ўрганиш, лицензион мусобақага тайёргарлик режаларини яна бир карра пухта кўриб чиқиш бўйича кўрсатмалар берди.