Ру En O'z
7 Май 2023 1177

Қўқонда халқ ўйинлари бўйича хотира турнири ўтказилди

Қўқон шаҳрида ўзбек миллий ўйинларининг тарғиботчиси, таниқли полвон Тўланбой Қурбонов хотирасига бағишланган II Очиқ турнир ўтказилди. Дорбозлар ва тош кўтариш бўйича ўтган ушбу миллий ўйинларда республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган полвонлар иштирок этишди.

Қайд этиш жоиз, бу каби оммавий спорт тадбирларини ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Этноспорт турларини ривожлантириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-259-сон Қарори ижросини таъминлаш, қолаверса, ота-боболаримиздан бизларга мерос бўлиб қолган қадимий ва анъанавий халқ ўйинларини ёш авлодга етказиш, уларни миллий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўлида муҳим ҳисобланади.

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, шунингдек, Фарғона водийсининг таниқли спорт фахрийлари иштирок этиб, давлатимиз томонидан машҳур ўзбек полвонлари номини танитиш, миллий халқ ўйинларини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ҳақида гапириб ўтишди. Шундан сўнг турли чеккалардан ташриф буюрган полвонлар ўз маҳоратларини намойиш этишди. Мусобақа якунида барча йўналиш ғолиблари аниқланиб, уларга диплом ва ҳомийларнинг эсдалик совғалари топширилди.

Text to speech